Кўп ҳолларда, тажрибасиз дизайнерлар ишларига танқидий фикр билдириб, яхши ечим таклиф қилганда, улар ўзларининг қилган ишларига юқори баҳо беришади ёки ишлари креатив эканлигини исботлашга ҳаракат қилишади.
Аслида эса, дизайн биринчи навбатда муаммога яхши ечим бўлиши керак. Муаммони ечиш учун, энг аввало у аниқлаб олинади. Бунинг учун муаммо эгаси – мижоз эшитилади ва унга саволлар берилади.

Эсингизда тутинг, дизайнер сифатида сизнинг вазифангиз муаммони ечиш ва фойдаланувчиларга ўзларининг мақсадларига эришишда ёрдам бериш.
Яна кўп ҳолларда, дизайнер ишига мижоз тарафидан танқидий фикр билдирилганда ёки ниманидир ўзгартириш сўралганда, дизайнерлар мижозни дизайн соҳасини тушунмасликда айблашади. Бу каби ҳолатда, энг аввало, дизайнер мижозни яхшилаб тинглаб, ўзгаришлар сабабини аниқлаши керак.

Мижоз ёки фойдаланувчилардан танқидий фикр эшитганда, уни тўғри қабул қилинг ва ҳеч қачон шошилган ҳолда қарама-қарши фикр билдирманг. Бир оз вақт сарфлаб, ўзингиз қилган ва сўралган ўзгариш ҳақида ўйлаб кўринг. Лекин бу билан ҳар бир сўралган ўзгаришни тасдиқлаб, мижозни айтганини қилаверинг дейишдан йироқман.
Германиялик машҳур дизайнер — Курт Вайдеман (Kurt Weidemann) ҳақида кўп дизайнерлар билишмайди. Лекин унинг ишлари ҳар биримизга таниш. Курт Вайдеман биринчилардан бўлиб компаниялар учун корпоратив шрифт яратишни таклиф қилган ва у Мерседес-Бенц компанияси учун шрифт ишлаб чиққан. Шунингдек Курт, Порше комапаняси логотипи устида ҳам ишлаган.

Курт Вайдеман

Келинг, Курт Вайдеман лойиҳалар устида ишлаётганда ўзининг ишига қандай ёндашишини унинг ўзидан эшитамиз.

Мен ҳунармандман, рассом эмас. Мен вокзалдаги юк ташувчи каби хизмат кўрсатаман. Мен четдан туриб мижозларим фикри билан ўйлашим керак.

Бу муҳим. Мен эркин рассом эмасман. Менга қўйилган вазифаларни бажариш ва мен мустақил бирор иш қилишим — булар икки хил нарсалардир. Лекин ўзи учун мустақил ишлайдиганлар — рассомлардир.

Мен ҳеч қачон рассомлардай ишламаган бўлардим, чунки, билмадим…
Ўзимни бу билан боқа оладиган даражада иқтидорли эканлигимга ишонмайман.

Юқоридаги фикр ва иқтибослар орқали дизайн фақат муаммони ечиши кифоя фойдаланувчиларга эстетик завқ бермаслиги керак деган фикрдан йироқман. Албатта, дизайн дид билан ишланган бўлиши керак, лекин ҳар бир ғоя фойдаланувчилар учун ёрдам бериши керак.

Телеграм
Линкедин
Пинтерест