Одатда фойдаланувчи интерфейсини ишлаб чиқишда ундаги қадамларни камайтириш тавсия қилинади. Баъзи ҳолатларда эса, интерфейссиз муаммони ҳал қилиш мумкин.
Германиянинг Берлин шаҳрида Пергамон музейи бор. Музейга кираверишда экспонатлар билан яқиндан танишиш учун, музей ходимлари аудиогид қурилмаси ишлатишни тавсия қилишади. Қурилма қуйидагича кўринишга эга:

Аудиогид қурилмаси

Қурилмадан фойдаланиш учун, экспонат олдига бориб, унинг рақами терилади ва плей тугмаси босилиши керак.

222 экспонат ҳақида маълумот олиш учун, 222 рақамини териш ва плей тугмасини босиш керак. Бунинг учун қуйидаги амаллар бажарилади:

  1. Экспонат рақами топилади
  2. Қурилмадан 2 рақами босилади
  3. 2 рақами яна бир маротаба босилади
  4. 2 рақами такроран босилади
  5. Плей тугмаси босилади

Кўриб турганимиздек битта экспонат ҳақида маълумот олиш учун бешта амал бажариш керак.

Энди эса Германиядаги машҳур Рейхстаг биносига борамиз.

Рейхстаг

Рейхстагда экспонатлар йўқ ҳисоб (фақат фотографиялар бор), бино ичида айланиб юрган ҳолда, машҳур биноларни томоша қилиш мумкин. Ҳар бир бино кўринадиган жойга боришингиз билан аудиоқурилма бино тарихи ва унинг хусусиятлари ҳақида ҳикоя қила бошлайди.

Рейхстагдаги аудиогид

Аудиоқурилма ора-орада тўхтаб, шаҳар чиройидан завқ олишни тавсия қилади. Шундай қилиб, бино ичра юришингизга қараб ҳикоялар ўзгариб боради.

Интерфейсда ҳеч қандай ортиқча қадам йўқ. Лекин Пергамон музейи билан Рейхстагни солиштиришимиз нотўғрироқ бўлади, чунки музейда экспонатлар жуда кўп ва сиз хоҳлаган йўналиш бўйича уларни томоша қилишингиз мумкин. Рейхстагда эса, саййоҳлар фақат бир йўналишда юришади.

Энг асосийси, вазиятдан келиб чиқиб Рейхстаг учун яхши ечим танланган.

Телеграм
Линкедин
Пинтерест